Welcome to Госкомконкуренции РУз   Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! Welcome to Госкомконкуренции РУз GSpeech
  eye                     
   
 

Давлат рақобат қўмитасининг вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари

Хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш ва самарадорлигини оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлайдиган янги иш ўринларини яратиш, ушбу мақсадларда ваколатли давлат органлари, молия ҳамда бошқа бозор тузилмаларининг Савдо-саноат палатаси ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият ва бошқарув органлари билан мустаҳкам ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш Давлат рақобат қўмитасининг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Қуйидагилар Давлат рақобат қўмитаси фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:

  • тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари бўйича муттасил янгиланиб турувчи маълумотлар базасини ҳамда хусусийлаштирилган объектлар реестрини, шунингдек давлат активлари реестрини шакллантириш;
  • хусусийлаштирилган корхоналар фаолиятининг молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичларини солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда доимий асосда таҳлил қилиб бориш, шу асосда фаолият кўрсатмаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарни, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ҳамда ер участкаларини аниқлаш;
  • илгари хусусийлаштирилган корхоналар самарадорлигининг пастлиги ҳамда ишламаётганлиги сабаблари ва омилларини, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектларни аниқлаш;
  • янги иш жойларини яратиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш ва модернизациялаш ҳамда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олишда, коммуникацияларга уланишда ва тижорат банкларидан кредитлар ажратилишида уларга кўмаклашиш мақсадида аниқ хусусийлаштирилган корхоналарни ривожлантиришнинг «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни таъминлаш;
  • Савдо-саноат палатаси билан биргаликда хусусийлаштирилган объектлар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга бизнес юритиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш асослари, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа фанларни касб-ҳунар коллежлари базасида ўтказиладиган курсларда ўқитишни ташкил қилиш, бунда тажриба алмашиш учун республикамизда ишлаётган, катта муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ва хорижий мутахассисларни жалб этиш;
  • банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва янги инвесторларни жалб этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришда иштирок этиш;
  • давлат активларини бошқариш, давлат улушига эга бўлган хўжалик жамиятлари фаолиятини мониторинг қилиш ва таҳлил этиш, уларда корпоратив бошқарувнинг замонавий халқаро стандартлари ва методларини жорий этиш, шунингдек давлат активларини хусусий мулкдорларга, шу жумладан, «ноль» харид қиймати бўйича сотишнинг очиқ-ойдинлиги ва шаффофлигини таъминлаш, инвесторлар томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши мониторингини олиб бориш;
  • монополияга қарши сиёсатни амалга ошириш, рақобатни ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, баҳолаш, риэлторлик ва биржа фаолиятини лицензиялаш, реклама бозорини тартибга солиш;
  • кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбар ва мутахассислар, шу жумладан, идоравий тузилмалар раҳбарлари ҳамда мутахассисларининг иш шакллари ва услубларини такомиллаштириш, зиммасига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун уларнинг масъулиятини ошириш.

Давлат рақобат қўмитасининг асосий функциялари

Давлат рақобат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради

  • тармоқлар, ҳудудлар ва турли хусусийлаштириш шакллари бўйича муттасил янгиланиб турувчи маълумотлар базасини ҳамда хусусийлаштирилган объектлар реестрини, шунингдек давлат активлари реестрини шакллантиришни, уларни ихтисослаштирилган ташкилотлар ва соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда техник жиҳатдан ва бошқача тартибда қўллаб-қувватлашни ташкил этади;
  • солиқ, статистика, кадастр ва бошқа давлат органлари маълумотлари базаси билан ўзаро электрон ҳамкорликни йўлга қўяди;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сон қарори асосида ташкил этилган Қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссияларнинг жойларда хусусийлаштирилган объектлар ва корхоналар хатловини ўтказиш бўйича ишларини ташкил этади;
  • солиқ, иқтисодиёт ва статистика органлари билан биргаликда хусусийлаштирилган корхоналарнинг молиявий-иқтисодий фаолияти ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бўйича таҳлилни доимий равишда олиб боради ва шу асосда ишламаётган, кам қувватли ва иқтисодий ночор корхоналарни, бўш турган ва фойдаланилмаётган объектлар ва ер участкаларини аниқлайди;
  • фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш қувватлари, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объектлари мавжуд илгари хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишламаётгани ва кам самарали эканлигининг омиллари ва сабабларини аниқлайди;
  • манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларини, тижорат банклари ҳамда мулкдорларни жалб қилган ҳолда ишламаётган, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналар, бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектлар ва ер участкалари бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқишни ташкиллаштиради;
  • идоралараро комиссиялар билан биргаликда «йўл хариталари»ни амалга оширишни таъминлайди;
  • «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда пайдо бўладиган муаммоларни уларнинг ваколатлари доирасида ҳал қилиш юзасидан илтимосномалар ва бажарилиши мажбурий бўлган талаблар юбориш йўли билан хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • хусусийлаштирилган корхоналар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига рухсат берувчи ҳужжатларни олишда, коммуникацияларга уланишда ва тижорат банклари кредитлари ажратилишида кўмаклашади;
  • Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда, касб-ҳунар коллежлари базасида хусусийлаштирилган корхоналар негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини ишбилармонлик асослари ва бизнес-режа ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолияти соҳасида қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув ва бошқа мавзулар бўйича ўқувини республикада муваффақиятли фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари ва чет эл мутахассисларини жалб қилган ҳолда ташкил этади;
  • идоралараро комиссияларга уларга юкланган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашади;
  • Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш фондининг даромад ва харажатлари ҳисобини юритади;
  • Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш фонди маблағларини амалда хусусийлаштирилган корхоналарда инвестиция лойиҳаларини шу жумладан тижорат банклари кредит линияларини ажратиш воситасида бажаришга, шунингдек тадбиркорлик субъектларини ўқитишни ташкил этишга йўналтиришни таъминлайди;
  • Тадбиркорлик фаолияти асосларига ўқитиш республика ўқув маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг хусусийлаштирилган корхоналар раҳбарлари ҳамда ишлаб чиқариш ва техник ходимлари учун бизнес-режа ишлаб чиқиш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик, менежмент, молиявий бошқарув юзасидан доимий ўқув курслари фаолияти самарали ташкил этилишини таъминлайди;
  • Савдо саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ишини янгидан бошлаётган тадбиркорлик субъектларига бизнес-режа тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ амалий масалаларни ҳал этиш ва керакли ахборотларни олишда экспертлик, ҳуқуқий ва маслаҳат кўмаги кўрсатиш учун бизнес-инкубаторлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўради;
  • илгари хусусийлаштирилган бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган объектлар ва ишлаб чиқариш майдонлари негизида тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги жараёнларни таҳлил қилади ва уларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
  • банкротлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга оширади, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш ва янги инвесторларни жалб этиш дастурларини ишлаб чиқади ва уларни амалга оширишда қатнашади;
  • устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молиявий ҳолатини, шу жумладан, тўловга қодир бўлмаган, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни аниқлаш мақсадида маълумотлар базасини юритиш йўли билан мониторинг ва таҳлил қилади, шунингдек манфаатдор давлат органлари билан биргаликда уларни молиявий соғломлаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг таклифлари асосида банкротлик тартиботларини қўллаш ташаббуси билан чиқиш, устав фондида давлат улуши бўлган иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва ихчамлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик тартиботларининг боришини назорат қилади, шунингдек судгача санация, суд санацияси ва ташқи бошқарув режаларини келишади;
  • тижорат банкларига берилган (реализация қилинган) банкрот корхоналар бўйича ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб боради;
  • иқтисодий ночор корхоналарда банкротлик ёки судгача санация тартиботларини амалга оширишда кредиторларнинг манфаатлари ва акциядорлар (қатнашчилар)нинг мулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;
  • устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарздор бўлган корхоналарнинг судгача санациясини ўтказиш, узайтириш ёки муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида, шунингдек судгача санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • таркибий ўзгартирилиши керак бўлган иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарнинг, шунингдек уларга нисбатан банкротлик тартиботлари қўлланган корхоналарнинг қурилиши тугалланмаган объектларини ҳамда асосий фондларини консервация қилиш ва сотиш масалаларини кўриб чиқади ва бу тўғридаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • суд бошқарувчиларини тайёрлаш тизимини ташкил этади, уларни аттестациядан ўтказади ҳамда суд бошқарувчиларининг ягона реестрини юритади, суд бошқарувчилари аттестатини бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарда банкротлик тартиботининг боришини назорат қилади, шунингдек судгача санация чоғида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мониторингини амалга оширади;
  • давлат томонидан қўллаб-қувватланган корхоналарнинг судгача санациясини узайтириш ва муддатидан олдин тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • зарар кўриб ишлаётган, тўловга қодир бўлмаган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, ихчамлаштириш, молиявий соғломлаштириш ва судгача санацияни амалга ошириш даврида қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклларда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш, молиявий соғломлаштириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитади;
  • ташқи бошқарувчиларнинг, шунингдек давлат томонидан қўллаб-қувватланган ёхуд мулкида давлат улуши бўлган санация қилинаётган корхоналар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;
  • қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга, шунингдек қимматли қоғозлар биржа савдоси тамойилларига риоя қилишни таъминлаш чораларини кўради;
  • молиявий воситаларнинг янги турларини, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур ресурсларни жалб этиш имконини берадиган қимматли қоғозлар ҳосилаларини жорий этишга кўмаклашади;
  • давлат бошқарувининг манфаатдор органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорини, шунингдек ушбу бозорни ривожлантириш учун зарур муҳит ва инфратузилмани шакллантириш ва уларнинг амал қилиши жараёнларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;
  • қимматли қоғозлар бозорида фуқароларнинг ва хорижий инвесторларнинг, шу жумладан, инвестицион ва профессионал фаолиятни рағбатлантириш, қимматли қоғозлар бозорида жамоавий инвестициялаш шартларини такомиллаштириш йўли билан фаоллигини ошириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ва корпоратив муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштиришга доир таклифларни шакллантиради;
  • хўжалик жамиятларида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича халқаро тамойиллар ва қоидалар асосида тавсиялар ишлаб чиқади;
  • ижро этувчи органлар ва устав фондида давлат улуши бўлган, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари кузатув кенгашлари раҳбарларининг корпоратив бошқарувнинг сифатли тизимини жорий этиш бўйича ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида вақти-вақти билан эшитишни ташкил этади;
  • давлат активларини самарали бошқариш бўйича «Давлат активларини бошқариш маркази» ДУКнинг ҳамда корпоратив бошқариш ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда улар фаолияти мониторингини олиб боради, шунингдек уларнинг самарали ўзаро ҳамкорлик қилишини таъминлайди;
  • акциядорлик жамиятларида бошқарув ва назорат органлари фаолиятининг амалий масалаларини акс эттирувчи корпоратив бошқарув бўйича қўлланмалар нашр этади, шунингдек инвесторлар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларини таълим жиҳатидан қўллаб-қувватлашнинг шакллантирилишига кўмаклашади;
  • халқаро ташкилотлар билан корпоратив бошқарув ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади;
  • манфаатдор давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланадиган хусусийлаштириш бўйича давлат дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;
  • хусусийлаштириш объектларини сотишдан олдин тайёрлашни амалга оширади ва хусусийлаштиришнинг, шу жумладан, иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари корхоналарининг, аниқ инвестиция мажбуриятлари эвазига «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилинган объектларни хусусийлаштиришнинг шартномавий шартларини белгилайди;
  • хусусийлаштириш объектлари, шартлари ва шакллари юзасидан қабул қилинадиган қарорларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди, хусусийлаштириладиган корхоналар — эмитентлар ва улар томонидан чиқариладиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотни тарқатади, шунингдек маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида реклама-ахборот ишларини амалга оширади;
  • Эркин иқтисодий ҳудудларнинг маъмурий кенгаши қарорлари бўйича сотиладиган давлат мулки объектларидан ташқари, хусусийлаштириш объектларининг сотувчиси функциясини амалга оширади, уларнинг бошланғич сотув нархини, инвестициялар ҳажмини, савдоларнинг тури ва шартларини белгилайди, шу жумладан, давлатга тегишли қимматли қоғозларни мустақил равишда ёки шартнома асосида жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий инвестиция воситачилари орқали ички ва халқаро бозорларда, биржа савдолари ва биржадан ташқари савдоларда сотади;
  • хусусийлаштириш объектларининг олди-сотдиси бўйича Давлат рақобат қўмитаси томонидан тузиладиган битимларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, шу жумладан, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши мониторингини олиб боради;
  • устав капиталига берилган объектлардан ташқари, янги мулкдорга хусусийлаштирилган объектга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордер (сертификат) беради, шунингдек харидорнинг хизмат кўрсатувчи инвестиция воситачисига унинг томонидан сотиб олинган акцияларни ўтказишга (разблокировка қилишга) депо топшириғини тақдим этади;
  • хусусийлаштириш билан боғлиқ жараёнларни таҳлил қилади ҳамда хусусий мулкдорлар томонидан хусусийлаштириш объектлари сотилишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайдиган хусусийлаштиришнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш, шу жумладан, мулкий муносабатларни тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни шакллантиради;
  • давлат корхоналари ва муассасаларининг, шунингдек давлат корхоналари ва муассасаларини хусусийлаштириш жараёнида ташкил этиладиган хўжалик жамиятларининг Ўзбекистон Республикаси номидан муассиси бўлади;
  • қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси номидан давлат акциялар пакети (улуши) бўйича хўжалик жамиятларининг акциядори (иштирокчиси) ҳуқуқларини амалга оширади, шунингдек ушбу ҳуқуқларни ишончли бошқарувчиларга беради;
  • «Давлат активларини бошқариш маркази» ДУК бошқарувига хўжалик жамиятлари акциялари пакетлари (улушлар)ни беради;
  • давлат активларини хусусий мулкдорларга «ноль» харид қиймати бўйича бериш юзасидан хатловларни амалга оширади;
  • давлат кўчмас мулкини, давлат корхоналари ва муассасаларини, устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини, шу жумладан, чет элдаги ва давлат номидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари иш кўрадиган хўжалик жамиятларининг, давлат кўчмас мулкини хатловдан ўтказади ва ҳисобга олади (хатловдан ўтказиш ва ҳисобга олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тегишли ваколатли давлат органлари томонидан юритиладиган мол-мулк бундан мустасно);
  • давлат акциялар пакетларини (улушларни) ва бошқа мол-мулкни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатаётган хўжалик жамиятларининг устав фондларига киритади;
  • давлат мулки бўлган мол-мулкнинг ижарага берувчиси бўлади, ушбу ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқи бошқа давлат органлари ва ташкилотларига берилган ҳоллар бундан мустасно;
  • давлат корхоналарига давлат мулкини бериш бўйича давлат корхоналари ташкил этилишининг келишилишини амалга оширади;
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ давлат мулкини бошқариш масалалари бўйича давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради;
  • республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари рўйхати бўйича таклифларни Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши юзасидан мониторинг олиб бориш комиссиясига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади;
  • хўжалик жамиятларида давлат улушларини бошқариш бўйича давлат ишончли вакиллари ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларини, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқидан фойдаланувчи («олтин акция») давлат вакилларини тайинлаш ва озод этиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327-сон қарори билан тузилган Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича Комиссияга кўриб чиқиш учун киритади;
  • давлатнинг ишончли вакиллари ва ишончли бошқарувчилари билан хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини ишончли бошқариш шартномалари тузилишини таъминлайди;
  • давлатнинг ишончли вакиллари, давлат активларини ишончли бошқарувчилар фаолияти мониторинги олиб борилишини таъминлайди, акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) умумий йиғилишларида ва кузатувчи кенгашлар мажлисларида овоз бериш тартиби бўйича уларга кўрсатмалар беради, шунингдек уларни тақдирлаш тартибини белгилайди;
  • устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг молиявий-хўжалик фаолиятини таҳлил қилади, жамиятнинг бизнес-режаси параметрлари мунтазам равишда бажарилмаган тақдирда эса — жамиятнинг ижро этувчи органи таркибини ўзгартириш ташаббуси билан чиқади;
  • монополияга қарши тартибга солишни янада такомиллаштириш, рақобатни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, бошқа давлат органларига ва хўжалик бошқаруви органларига юборади;
  • рақобатга қарши хатти-ҳаракатларни ва тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)нинг, шунингдек Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар ёки шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматларга нархларнинг асоссиз ўсишини аниқлайди ва уларнинг олдини олади;
  • товар ва молия бозорларида рақобат муҳитининг ҳолатини ўрганади ва хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳларининг устунлик мавқеини аниқлайди, шахслар гуруҳлари қатнашчиларининг таркибини аниқлайди;
  • товар ёки молия бозорида устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва табиий монополиялар субъектлари давлат реестрларини шакллантиради ва юритади;
  • хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этиш, уларни қўшиш ёки бирлаштиришда, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондида (устав капиталида) акцияларни (улушларни) сотиб олишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади;
  • табиий монополиялар субъектларининг товарлари (ишлари, хизматлари)га нархлар ва тарифларни таҳлил қилади ҳамда табиий монополиялар субъектлари томонидан тақдим этиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг асоссиз ошириб юборилишидан ва сифати пасайишидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади;
  • тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)га ва товарлар (ишлар, хизматлар)га устама нархларга риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;
  • табиий монополиялар субъектлари ва устунлик мавқеини эгаллаган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини нархларни шакллантиришда декларация қилиш (тасдиқлаш) учун тақдим этилган ҳисоб-китобларнинг асосланганлигини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширади;
  • рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат органлари реестрини юритади ва эълон қилади;
  • ўз ваколатлари доирасида хўжалик юритувчи субъектларни инсофсиз рақобатчилардан ва давлат органларининг ноқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчи хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилишни таъминлайди;
  • ўз ваколатлари доирасида давлат органлари ва устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг товар ёки молия бозорларига киришини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар ижро этилишини назорат қилади;
  • маҳсулотларнинг монопол турларини биржа савдоларига қўйиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилади;
  • маҳсулотларнинг юқори ликвидли ва монопол турларининг биржа савдоларига қўйилишини белгиланган тартибда назорат қилади;
  • танлов (тендер) ва биржа савдолари ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади;
  • табиий монополиялар субъектлари томонидан товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш тартибига риоя этилишини назорат қилади ва мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчилар рўйхатини аниқлаш юзасидан таклифлар киритади;
  • устунлик мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар ва табиий монополияларнинг товарларига (ишларига, хизматларига) харажатларни камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
  • юридик шахснинг индивидуаллаштирилган воситаларига ва товарни индивидуаллаштириш воситаларига мутлақ ҳуқуқни сотиб олиш билан боғлиқ инсофсиз рақобат ҳолатларини аниқлайди;
  • Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар ёки молиявий хизматлар кўрсатиш бўйича шахслар гуруҳи томонидан кўрсатиладиган молиявий хизматлар нархлари мониторингини олиб боради;
  • истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилади;
  • истеъмол товарларига нархлар ва хизматларга тарифлар мониторингини олиб боради;
  • жамоат тузилмалари билан биргаликда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш бўйича маърифий ишлар олиб борилишини амалга оширади;
  • реклама соҳасида инсофсиз рақобатга йўл қўймаслик ва нотўғри рекламага барҳам бериш мақсадида реклама бозорини тартибга солиш чора-тадбирларини кўради;
  • давлат органлари билан биргаликда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва реклама соҳасида инсофсиз рақобатнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради;
  • биржа, баҳолаш ва риэлторлик фаолиятини лицензиялайди;
  • баҳоловчилар ва риэлторларга малака талабларини белгилайди, уларга малака сертификатлари беради;
  • лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади;
  • биржалар, баҳолаш, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларнинг лицензиялари ҳамда баҳоловчилар ва риэлторларнинг малака сертификатлари реестрини юритади;
  • махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда биржа аъзолари ва риэлторлик ташкилотлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ва методологик базани ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади;
  • Давлат рақобат қўмитаси ваколатига кирадиган масалаларнинг ҳал этилиши бўйича сансалорлик, бюрократизм, муддатлар чўзилиши ҳолатларини аниқлайди ва уларнинг бартараф этилишини таъминлайди;
  • кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади, Давлат рақобат қўмитаси, шу жумладан идоравий мансуб тузилмалар раҳбарлари ва мутахассисларининг иш усуллари ва методларини такомиллаштиради, уларнинг ўзларига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши юзасидан масъулиятини оширади;
  • халқаро ҳамкорликни ва Давлат рақобат қўмитасига юкланган бошқа функцияларни амалга оширади.

Давлат рақобат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ҳудудий органлар ва ўзининг идоравий мансуб тузилмалари орқали амалга оширади.

 

Attachments:
Download this file (Asosiy vazifalar.doc)Asosiy vazifalar.doc[ ]85 kB
??????? Orphus
Matnni eshitish uchun quyidagini bosing! GSpeech